Версия для печати
24.02.2020 y.

 

“Ҳурматли Нурбек Алимов, Ўзбекистон почтаси бизни шарманда қилди. Маълум бўлишича, сиз ҳам бу шармандалик аламидан тотиб улгурдингиз. Зеро, ўтган йили кўпроқ сиз, Шаҳноза Тўрахўжаева, Хушнудбек Худойбердиев, Исроил Тиллабоев каби зиёлилар билан журналимиз ҳақида узун постлар ёзиб, уни одамларга тавсия қилдингиз. Натижада, журналимиз янада оммалашди. Кўнглимизда бу йил журнал оёққа туриб олади деган умид пайдо бўлди. Моддий жиҳатдан танг аҳволда бўлишимизга қарамай, онлайн обуна учун платформа яратиб, рекламага яхшигина пул сарфладик. Бирин-кетин обуначилар сони кўпайди. Тўғри, аслида, обуна биз кутгандай бўлмади. Аммо биз бунга эътибор бермадик. Бу йил оз бўлса, кейинги йили ўз-ўзидан кўпаяди... Лекин чучварани хом санаган эканмиз. Йўлимизда Почта турганини, у ёғимизга болта уриб, бизни осонликча тўхтата олишини унутиб қўйибмиз. Мана, 1-сонимиз почтага элтиб берилганига бир ой бўлди. Ҳалигача, кўпчилик журнални олмаган! Ўтган бир ой давомида биз ижод қилмадик. Фақат обуна муаммоси билан таҳририятга келиб тушган мурожаатлар устида ишладик... Энди почта билан тузилган шартномани бекор қилиб, журналларни индивидуал тарзда тарқатмоқчимиз. Албатта, бу билан моддий жиҳатдан тўлиқ зарарга кирамиз. Лекин на чора... бизга ишонч билдирганлар норизо бўлишмасин. Уларнинг баридан узр сўраймиз! Айтгандай, одамлар билиб қўйсин, аслида босма нашрларнинг бошига ким етганини.

Бу масалада Ўзбекистон почтасидан изоҳ кутамиз”.

Ушбу масала бўйича “Ўзбекистон почтаси” АЖ расман қуйидагиларни билдиради.

1. “IRFON NASHR” МЧЖ билан “Ўзбекистон почтаси” АЖ “Матбуот тарқатиш” филиали ўртасида 2020 йил 16 январда “Жажжи академик” журналини республика ҳудуди бўйича обуначилар манзилига етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган.

2. Журналнинг биринчи сони 2020 йил 28 январь куни 189 нусхада “Ўзбекистон почтаси” томонидан обуначиларга етказиб бериш учун қабул қилинган.

3. 2020 йил 10 февраль куни “IRFON NASHR” МЧЖ “Ўзбекистон почтаси”га мурожаат қилиб, обуначилардан олинган маълумотларга кўра, қатор ҳудудларга журнал етиб бормаганлигини билдириб, муаммони ҳал қилишни сўраган. Мурожаат бўйича 11-15 февраль кунлари вилоятларда ўрганиш ўтказилганда, Фарғона вилояти бўйича 26та манзилга журнал етказиб берилганлиги, Навоий вилояти Конимех туманида 1та манзилга (Г.Жўраева), Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида 1та манзилга (И. Гуламов), Бухоро вилоятида 9та манзил, шу жумладан Ғиждувон туманида 1та манзилга (У.Сатторова) етказиб берилганлиги маълум бўлган. Наманган вилоятида жами 8та манзилга, Тўрақўрғон туманида истиқомат қилувчи А.Акбаров манзилига эса аниқлик киритилгач журнал етказиб берилган.

4. Юқоридаги постдан кейин журнални жами 189та манзилга етказиб бериш бўйича ўрганиш ўтказилди. Ўрганишлар кўрсатишича, 187 ҳолатда журнал обуначига 10 кунлик муддатда, 2 ҳолатда ундан кечикиб етказилган, ўрганиш кунигача етказилмаган ҳолат йўқ. Кечикиб етказиш ҳолатлари манзил нотўғри кўрсатилганлиги билан боғлиқ.

5. “Ўзбекистон почтаси” АЖ журнални етказиб беришда йўл қўйилган айрим камчиликлар учун таҳририят ва обуначилардан узр сўрайди. Журналнинг биринчи сони бўлганлиги, обуна таҳририят томонидан ташкил этилганлиги ва обуначилар манзили таҳририят томонидан берилганлиги етказиб бериш муддатларига таъсир қилган. Босма оммавий ахборот воситаларини обуначиларга етказиш муддатлари назорати янада кучайтирилади. Имзоланган шартнома шартларига кўра “IRFON NASHR” МЧЖ “Ўзбекистон почтаси” АЖ “Матбуот тарқатиш” филиалидан кеч қолиш ҳолатлари учун пеня тўлаш ёки шартномани бекор қилишни талаб қилиши мумкин.

6. Мамлакатимизда матбуот тарқатиш бозори эркин ҳисобланиб, бу фаолият билан ўнлаб тадбиркорлик субъектлари шуғулланади. Таҳлиллар кўрсатишича, “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг ушбу бозордаги улуши тахминан 14-16 фоизни ташкил этади. Босма нашрларнинг бугунги ҳолатига почтани айбдор қилиш асосланган эмас, деб ҳисоблаймиз. Босма нашрларга талаб сусайганлигининг бошқа сабабларини таҳлил қилиб кўриш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.